Сенат раиси Тошкент мактаблари ўқувчиларининг 87%и математикадан "иккичи" эканлигини айтди

Она тилидан ўзлаштириш Тошкент шаҳрида 58 фоизни, Наманган вилоятида 32 фоизни, математикадан ўзлаштириш Қорақалпоғистонда 26 фоиз, Наманган вилоятида 23 фоиз, Тошкент шаҳрида бор-йўғи 13 фоизни ташкил этгани ташвишли ҳолдир.

Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқув дарсликларининг тайёрланиши ва дарсларни ўзлаштирилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр билдираётиб айтгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.

Йўлдошевга кўра, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан 2017−18 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 8, 9-синф ўқувчилари орасида она тили ва математика фанларидан ўтказилган ёзма иш натижалари ўқувчиларнинг ушбу фанлар бўйича ўзлаштириши талаб даражасида эмаслигини яққол кўрсатган.

8-синф ўқувчиларининг она тилидан ўзлаштириш даражаси мамлакат бўйича 72 фоизни, 9-синф ўқувчиларининг математикадан ўзлаштириши эса, 54 фоизни ташкил этган, холос.