Таълим давлат тилидан бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларда ўзбек адабиётини алоҳида фан сифатида ўқитиш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Таълим бошқа тилларда олиб бориладиган мактабларнинг 10 ва 11-синф адабиёт дарсликларида ўзбек адабиётини ўзлаштиришга бутун бошли ўқув йили учун бор-йўғи 4−8 соат ажратилган, холос. Мазкур мактабларда давлат тилининг ҳафтасига бор йўғи 2 соат ўқитилаётгани таажжубли ҳолдир.
Бу ҳақда Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ўн саккизинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Ниғматилла Йўлдошев ўқув дарсликларининг тайёрланиши ва дарсларни ўзлаштирилиши билан боғлиқ муаммолар ҳақида фикр билдираётиб айтгани тўғрисида gazeta.uz хабар қилди.
Нутқи давомида Сенат раиси, шунингдек, бундай деган:
"Савол туғилади: қандай қилиб бундай аҳволда ёшларда ўз Ватанига муҳаббат, эл-юртига ҳурмат ва садоқат туйғуларини шакллантириш мумкин ?! Агар рус тилида таҳсил олаётган 581 минг нафардан ортиқ боланинг аксарияти ўзбек фарзандлари эканлигини инобатга олсак, бу саволларнинг нақадар оғриқлилигини, уларга жавобни узоқ йиллар афсусланиб излашга тўғри келишини ҳис қилиш қийин эмас, деб ҳисоблаймиз. Юқорида тилга олинган ҳамда дарсликлар билан боғлиқ кўплаб муаммолар, табиийки, таълим сифатига жиддий салбий таъсир кўрсатмоқда".