Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси Қувасой шаҳрида 24 февраль куни 16 ёшли мактаб ўқувчиси ўзини осгани ҳақидаги Озодлик хабари ортидан мазкур ҳодисани холислик билан ўрганиб чиққанини маълум қилди.
Бошқарманинг билдиришича, текширув жараёнида қиз ўқиган мактабда "ўқувчи-ёшлар билан жиноятчиликка қарши курашиш, ўз жонига қасд ёки суиқасд ҳолатларини барвақт олдини олиш, бахтсиз ҳодисаларга йўл қўймаслик борасида мактаб мутахассисларининг олиб борган педагогик-психологик профилактикалари давомида вояга етмаганга нисбатан алоҳида назоратга олинмаган"и аниқланган.
Озодлик Қувасойдаги 11-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси ўзини осгани ҳақда 26 февраль куни хабар берган эди.
Бошқарманинг 28 феврал куни Озодликка йўллаган расмий мактубида келтирилишича, қиз 24 февраль куни соат 19.00лар атрофида ота-онаси ва укаси билан кечки овқатланиш олдидан ҳаммомга кириб чиқишини айтиб, ювинишга кириб кетган, орадан ярим соатдан ортиқ вақт ўтганидан кейин отаси қизини молхона тўсинида онасининг рўмоли билан осилган холда кўрган.
Мактаб ўқувчисининг отаси фермер, онаси уй бекаси. Ўз жонига қасд қилган қиз оилада тўрт фарзанднинг бири бўлган.
"Ҳозирда ички ишлар идоралари ва прокуратура томонидан дастлабки суриштирув ишлари олиб борилмоқда", - дейилади Фарғона вилоят Халқ таълими бошқармаси билдирувида.
Қувасойда мактаб ўқувчисининг ўзини осиши Озодликка маълум сўнгги икки ярим ой ичидаги саккизинчи суициддир.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.
Жорий йилнинг 15 феврал куни эса президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.
2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги президент қарорига мувофиқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги лавозимлари рўйхатига “Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри” ва “Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи” лавозимлари киритилди.