Украинада 2018 йилда қизамиқ касалига чалинганлар сони кескин кўтарилди. БМТнинг UNICEF агентлигига кўра, бунга эмлашга қарши ҳаракат қисман сабабчидир.
Агентлик 1 мартда куни эълон қилган ҳисоботда Украинада қизамиққа чалинганлар сони “хавотирли даражада” ошиб бораётгани айтилади. Ташкилотга кўра, болаларни эмлашга “иккиланишлар” туфайли “олдини олиш мумкин бўлган, аммо ўта хавфли касалликни” йўқ қилиш учун қилинган узоқ йиллик меҳнат самараси хавф остида қолмоқда.
Дунё бўйлаб соғлиқни сақлаш расмийлари эмлашга қарши ҳаракат ҳақида хавотир билдириб келади. Ижтимоий тармоқлар ёрдамида илдиз отаётган ушбу ҳаракат тарафдорлари эмлаш хавфли эканлигини таъкидлаб, фарзандларини ва ўзларини вакцинация қилишдан бош тортмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ўтган йилда Украинада 35120 марта қизамиқ диагнози қўйилган. Қиёслаш учун: 2017 йилда бу кўрсаткич 5000 ни ташкил қилган.
Ташкилот 2017 йилда қизамиқ умуман кузатилмаган давлатларда ҳам касаллик қайта тарқала бошлаганидан хавотир билдирди. 2018 йилда Молдовада 312, Черногорияда 203, Ўзбекистонда эса 17 марта қизамиқ ташхиси қўйилган.