"Дори-дармон" бўйича Америка компанияси билан тузилган шартнома тўхтатилди

Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази Американинг United Investment Healthcare Group компанияси билан тузилган «Дори-Дармон» дорихоналар тармоғининг 71 фоизлик давлат акцияларини ишончли бошқариш тўғрисидаги шартномани тўхтатди. Бу ҳақда фармацевтика ритейлери матбуот хизматига таяниб, gazeta.uz хабар қилди.

Бундан ташқари, «Дори-Дармон» кузатув кенгашининг 27 февралдаги қарори билан компания бошқаруви раиси Азимов Равшан Рустамович ваколати муддатидан аввал тўхтатилди.

Компания бошқаруви раиси вазифасини вақтинча бажариш аввал ушбу лавозимда фаолият кўрсатган Солихбоева Умида Саидовнага топширилди.

«Қисқа муддат ичида (ишончли бошқарувга топширилгандан бир ойга яқин вақтда — таҳр.) UIHG шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш учун энг яхши тажрибаларни жорий этиш вазифаси юклатилган янги тажрибали менежерлар жамоасини таклиф қилди. мазкур ташаббус қабул қилинмади», — дейилади United Investment Healthcare Group компаниясининг 18 февралдаги баёнотида.

Давлат активларини бошқариш маркази ва United Investment Healthcare Group ўртасида «Дори-Дармон» давлат улушини ишончли бошқарувга топшириш тўғрисидаги келишув 2018 йил 6 декабрда имзоланган, ҳамкорлик муддати эса бизнес режа параметрларига эришилган тақдирда яна беш йил муддатга чўзиш имконияти билан беш йил деб белгиланган эди.

«Дори-Дармон» дорихоналар тармоғида Ўзбекистон бўйлаб, жумладан 717 та қишлоқ врачлик пунктлари ва қишлоқ оилавий поликлиникасида 2000 га яқин аптека ва уларнинг филиалларига эга.

Озодлик 2013 йилнинг 10 майида ўз манбаларига таяниб, бутун Ўзбекистонни фармацевтика маҳсулотлари билан таъминловчи “Dori-Darmon” AK ширкати бошқарув раиси Умида Солиҳбоева молиявий-хўжалик текширувлари бошланиши ортидан мамлакатдан қочиб кетгани тўғрисида хабар қилган эди.

Ўша пайтда “Dori-Darmon” ширкати ходимлари Озодлик мухбирининг қайта-қайта қўнғироқларидан сўнг ширкатда комплекс текширувлар бораётганини тасдиқлаган, лекин ширкат раҳбари Солиҳбоеванинг қочиб кетгани ҳақидаги хабарлар асоссиз эканини айтганди.