Пахтачида ўқувчини урган ўқитувчига нисбатан жиноят иши очилди

Иллюстратив сурат.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида дарс пайтида ўқувчини урган ҳарбий таълим ўқитувчиси ушланди.

Ички ишлар вазирлигининг билдиришича, 28 ёшли ўқитувчи Д.Б., 23 февраль куни 18 ёшли ўқувчи Ж.Х., билан тортишиб қолган. Даҳанаки жанжал ортидан ўқитувчи ўқувчини мушт билан қорнига урган. Бунинг оқибатида ўқувчи касалхонага ётқизилган.

Мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон мактабларида ўқитувчиларнинг ўқувчиларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари бунга қадар ҳам кузатилган.

Масалан, Сурхондарё вилоят, Денов тумани 74-умумтаълим мактабининг география ўқитувчиси А. Э. 18 февраль куни дарс пайтида 5-синф ўқувчиси А. И.нинг қўлини таёқ билан уриб синдирди. Ўқитувчи ишдан бўшатилган.

2018 йилда маҳаллий оммавий ахборот воситалари ва Озодлик радиосида мактабда ўқитувчилар ўқувчиларга зўравонлик қилгани тўғрисида ўнлаб хабар берилди.

Матбуотдаги чиқишлар ортидан Халқ таълими вазирлиги шу йилнинг 24 февралида мактабларда зўравонликни олдини олишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишни бошлаганини билдирган.

Вазирликка кўра, “Мактабларда зўравонликни олдини олиш ва ижобий психологияни ўқитиш методикаси”, деб номланган лойиҳаси 5 ой давом этади ва асосан, ўқувчиларда позитив психологияни ривожлантириш, шунингдек, мактабларда буллингни олдини олишга қаратилмоқда.

Расмий маълумотда қайд этилишича, вазирлик ЮНЕСКО билан ҳамкорликда умумий ўрта мактабларда зўравонликни олдини олиш лойиҳасини амалга оширишни январь ойида бошлаган.