Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги жамоатчилик кенгаши пойтахтнинг тарихий қиёфасини сақлаб қолган ва маданий мерос сирасига киритилиши мумкин бўлган 100 та бино ҳамда объект рўйхатини тузди.
Кенгашнинг Telegram каналида хабар қилинишича, фаоллар илк рўйхатнинг тезликда кўриб чиқилиши ва таклиф қилинган объектларнинг давлат кадастрига киритилишига умид қилмоқда.
"Кейинчалик биз шаҳарнинг тарихий-маданий бошқа биноларини аниқлашда жамоатчилик ёрдамига таянамиз... Тўлиқ рўйхат тузиш орқали биз сиз билан Тошкентимиз тарихини сақлаб қолишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз мумкин", дея мурожаат қилади кенгаш фаоллари тошкентликларга.
Ушбу рўйхатга, жумладан, Тошкент курантлари, "Туркистон" саройи яқинидаги Анҳор устидан ўтган кўприк, Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети (собиқ Педагогика институти), Тошкент фотосуратчилар уйи, Республика байналмилал маданият маркази, Марказий телеграф, Адлия, Соғлиқни сақлаш вазирликлари бинолари, қатор турар-жойлар киритилган.
Эндиликда таклиф қилинган бу объектларни ўрганиш учун махсус комиссия тузилиши айтилмоқда.