Самарқанд вилояти архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вилоят бош архитектори, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Норқул Содиқов ўз аризасига кўра ишдан бўшатилди. Бу ҳақда 4 март куни Zarnews.uz нашри хабар берди.
“Новости Узбекистана” нашрининг хабар беришича, бош архитектор ишдан бўшатилиши арафасида қаторасига уч кун Самарқандда шаҳар қурилиш кенгаши йиғилиши ўтказилган.
Маҳаллий ҳокимият вакиллари, архитектура ва қурилиш Бош бошқармаси ходимлари, маданият вазирлиги экспертлар гуруҳи, қурувчилар иштирок этган йиғилишда Самарқандда қурилиш меъёрларига амал қилинмаган ҳолда барпо этилган 141та объект масаласи муҳокама қилинган.
Вилоят ҳокими Эркинжон Турдиматовнинг йиғилишда айтишича, бу объектлар Бош прокуратура ўтказган текширув натижасида аниқланган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, бундан аввал вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қурилиш масаласида йиғилиш ўтказиб, соҳа «коррупцияга ботгани» ҳақида гапирган эди.
Ўтган йилнинг 10 июль куни вилоятнинг собиқ ҳокими Туроб Жўраев коррупцияда, жумладан, қурилиш ширкатларидан пора олганликда айбланиб қўлга олинган эди. Айни пайтда унга нисбатан суд жараёни давом этмоқда.
Туроб Жўраев ортидан вилоятдаги 28та қурилиш ширкати раҳбарлари ҳам қўлга олинган.
Жорий йилнинг 11 февралида эса Самарқанддаги “Умар" ва "Афросиёб Хосият Бегим макони" ширкатлари раҳбари Умар Ражабов ва унинг ўғли Руслан Ражабов қурилиш соҳасида фирибгарликка йўл қўйганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.