Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Клара Сахарова: МХХ ходимларига жиноят ишларини сохталаштиришга ким ҳуқуқ берган?
Давлатга хиёнатда айбланиб 5 йилга қамалган олим Андрей Кубатиннинг опаси Клара Сахарова президент Шавкат Мирзиёевдан укасининг ишига эътибор қаратишни илтимос қилди.
-Менинг укамни сохталаштирилган жиноят иши бўйича айбдор деб топишиб, 157-модданинг 1-қисми бўйича беш йилга қамашди, - деб билдирди Клара Сахарова 4 март куни Facebook тармоғи орқали тарқатган видеомурожаатда:
Клара Сахарованинг айтишича, тергов давомида укаси Андрей Кубатинга ўша пайтда Миллий хавфсизлик хизмати деб аталган, ҳозирда номи Давлат хавфсизлик хизмати деб ўзгартирилган ташкилот ходимлари томонидан босимлар ўтказилган ва қийноқлар қўлланилган.
Клара Сахарова Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари оиласи турли нохушликларга дучор бўлиши мумкинлиги тўғрисида таҳдид қилганидан сўнггина Кубатин тергов ҳужжатларига имзо чекишга мажбур бўлганини таъкидлади.
Клара Сахарова терговда Андрей Кубатинга адвокат ёллаш тақиқлангани ва унга ҳукумат томонидан тайинланган адвокат тайинлангани, бу адвокат тергов пайтида бирор марта ҳам иштирок этмагани тўғрисида ҳам билдирди.
Президентга мурожаат қилишдан аввал Бош прокуратура ва бошқа ташкилотларга мурожаат қилиб, ҳеч қандай натижага эриша олмаганини айтган Клара Сахарова:
-Мен яна кимга мурожаат қилай? Нега ҳуқуқ -тартибот тузилмалари адекват ва ҳолис бўлиб бу ишни кўриб чиқишни истамаяпти? МХХ ходимларига ўз манфаати йўлида одамларга нисбатан жиноят ишларини сохталаштиришга ким ҳуқуқ берган?-деган саволларни ўртага қўйди.
Олимлар Андрей Кубатиннинг қамалиш ортидан 1937 йилги қатағонни эсладилар
Ўтган йилнинг февраль ойида АҚШ, Россия, Туркия, Қозоғистон, Британия, Германия, Украина, Болгария каби давлатлардан бўлган 50 нафар жаҳонга машҳур олим президент Шавкат Мирзиёевдан Ўзбекистон ташқарисида ҳам нуфузга эга бўлган таниқли олим Андрей Кубатин ишини ўз назоратига олишни илтимос қилган эди.
Тошкент давлат шарқшунослик институтининг катта ўқитувчиси бўлиб ишлаган Андрей Кубатин 2017 йилда ўзининг ноёб китоблар нусхасига эга бўлган шахсий архивидан кўчирмаларни Ўзбекистоннинг туристик йўлномасини нашр қилмоқчи бўлган Туркиянинг ТИКА ташкилоти ходимига топшираётган пайтда қўлга олинган эди.
“Гўё, Кубатин Андрей Викторович чет давлатга Ўзбекистоннинг давлат сирини ошкор қилиб, хиёнат қилган эмиш. Гўё, чет эллик мутахассисга берилган китоблар «пантуркизм»ни тарғиб қилишга олиб келиши мумкин эмиш. Айнан мана шундай «пантуркист» ва «туркпараст», деган тутуруқсиз ва бемаъни айбловлар билан маърифатпарвар ўзбек зиёлилари 1937 йилдан бошлаб қамоқхоналарда ҳаётлари вайрон қилинди, Сибирга сургун қилиниб, очлик ва касалликлардан ўлиб кетишди, қолганларини эса отиб ташлашди. Аслида эса Туркология фани «пантуркизм» ёки «туркпарастлик» эмас. Бундай айбловлар мустабит Совет тизими жўш урган замонларда ўйлаб чиқарилган репрессив механизмнинг бир унсури эканлиги бутун дунё олимлари томонидан тан олинган”, дейилади олимлар мурожаатда.
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ва халқаро илмий жамоатчиликнинг мурожаатларига эътибор қаратмади
2017 йилнинг апрель-май ойларидан бошлаб ўзбек олимлари Ўзбекистондаги турли давлат органларига, жумладан, Миллий хавфсизлик хизматининг ўша пайтдаги раҳбари Рустам Иноятовга бир қатор мурожаатларни жўнатган эдилар. Ўзбек олимлари мурожаатларидан энг сўнггиси, 2018 йилнинг 18 февралида президент Шавкат Мирзиёев номига ёзилган эди.
Андрей Кубатин 2017 йил 1 декабрида суд ҳукми билан 11 йилга озодликдан маҳрум этилган. 2018 йилнинг майида унинг иши юқори инстанцияда кўриб чиқилиб, қамоқ муддати 5 йил қилиб белгиланган.
Ҳозирги кунда у Тошкент вилояти Зангиота тумани УЯ 64/ТХ-1 жазони ўташ муассасасида сақланмоқда.