Сурхондарёда Миллий гвардия, ички ишлар ва чегара қўшинларига ишга жойлашни ваъда қилиб, ўзини «ДХХ ходимлари» деб таништирган икки киши ушланди.
ЎзА маълумотига кўра, фирибгарлик ҳаракатлари учун муқаддам судланган Жонибек Азимов ва Нурали Худойбердиевлар "ўзларини гўёки Давлат хавфсизлик хизмати идораларида ишлайман дея таништириб, содда одамларнинг ишончига кириб, уларнинг фарзандларини олий ўқув юртига ўқишга киритиш, муддатли ҳарбий хизматга юбориш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига ишга жойлаштиришни ваъда қилиб, улардан пул талаб қилиб келишган".
Нашр маълумотига кўра, терговолди суриштирув ишлари давомида Нурали Худойбердиевнинг яшаш жойи кўздан кечирилганда сохта ҳужжатлар, бланкалар ҳамда ҳарбий кийим топилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.