Ўзбекистонлик "оқ қўлқопли қотил" камида 11 киши ўлимида айбланмоқда (ВИДЕО)

Бахтиёр Матёқубов Мосгорсудда

Россия тергов қўмитаси Россия, Украина ва Ўзбекистонда камида 11 нафар аёлни ўлдирганликда айбланаётган Ўзбекистон фуқароси 46 ёшли Бахтиёр Матёқубов иши судга оширилганини маълум қилди. “Оқ қўлқопли қотил” номи билан танилган бу шахс Украинада аллақачон учта қотилликда айбдор деб топилиб, умрбод қамоққа маҳкум этилган.

Россияда судланганидан кейин Матёқубов Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига бошқа жиноятлари устидан тергов учун бериб юборилиши айтилмоқда.

Москва шаҳар судида Москва шаҳри ва вилояти ҳудудида камида 5 қотилликни амалга оширган ва бир қанча қотилликларларга уринишларда, талон-тарожда гумонланган 46 яшар ўзбекистонлик Бахтиёр Матёқубов иши кўриб чиқилиши бошланди.

Россия Тергов қўмитаси маълумотида билдирилишича, Бахтиёр Матёқубов қотилликларни 2015 йилнинг январ-апрель ойлари оралиғида кимсасиз жойлар ва хиёбонларда амалга оширган.

“Жумладан, у 2015 йилнинг 17 мартида Измайлово паркида ити билан сайр қилиб юрган нотаниш 35 яшар аёлни учратган. Атрофда одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, аёлнинг юрак қисмига икки марта пичоқ урган, жабрдийда ҳодиса жойида вафот этган", - дейилади қўмита хабарида.

Терговчиларга кўра, қотил ҳар сафар қурбонларини пичоқлаб ўлдирган ва уларни талаган. Масалан, секс-шоп дўконида ишлаётган 25 яшар Юлия Лебежиновага у камида 20 марта пичоқ санчган.

Россия Тергов қўмитасининг Москва шаҳар бошқармаси расмий вакиласи Юлия Иванова Озодлик сўровига Бахтиёр Матёқубов аёлларни ўзига хос услубда – оқ қурилиш қўлқопларида ўлдириб келганини айтди.

- Матёқубов терговчилардан қочишга эришди, аммо халқаро қидирувга берилди. Ниҳоят, 2017 йилнинг декабрида у Украинадан Москвага тергов талаби билан экстрадиция қилинди. Дастлабки тафтиш жараёнида Матёқубов унга қўйилаётган барча жиноятларда ўз айбига тўлиқ иқрор бўлди, деди Юлия Иванова.

Сўроқлар давомида Бахтиёр Матёқубов 2000-чи йиллар бошларидан одам ўлдириб келганини айтди тергов вакиласи.

Назорат камераларида юзи кўринмаётган қотил оқ қўлқопларда бўлгани туфайли унга маҳаллий изқуварлар “оқ қўлқопли қотил” номини беришди.

Украинада қочиб юрган Бахтиёр яна икки аёл ва бир эркакни ўлдирганликда айбдор деб топилди.

Киев шаҳрида қурилишда ишлаб юрган Матёқубов ишчилардан бири билан урушиб қолади ва уни қорнига пичоқ солиб ўлдиради. Украин терговчилари у ҳақда Ўзбекистонга сўровнома юборади ва ўз юртида ҳам қотиллик учун қидирувда эканини аниқлайди. Ўзбекистон, Украина ва Россия махсус хизматлари камида 30та қотилликка алоқадорлигини текширилган Матёқубовнинг жами 11 одам ўлимига алоқаси борлигини исботлай олгани айтилди. Исмини ошкор қилишни истамаган терговчилардан бири аслида ўзбек муҳожири яна кўплаб бошқа қотилликларга ҳам алоқаси бор, деди.

Украина суди 46 ёшли Бахтиёр Матёқубовни аллақачон умрбод қамоққа маҳкум этди.

У яшаётган квартирадан мусодара қилинган кийимда ўлдирилган икки аёлнинг қон излари ҳам аниқланди.

Терговчилар Россияда ўзбек муҳожир иши юзасидан жами 35та турли кўринишдаги экспертизалар тайинланганини билдиришди. Экспертиза жараёнида психологлар ва бошқа мутахассислар, Бахтиёрнинг руҳиятида муаммолар мавжуд деган хулосага келган. Экспертларга кўра, у аёлларга нисбатан шахсий адоватда бўлган.

MASH интернет канали хабарига кўра, Бахтиёр ёшлигидан урушқоқ бўлгани, 17 ёшида Ўзбекистонда талон-тарож ва зўрлаш моддалари асосида 15 йил “зонада” ўтириб чиққан. Озодликка чиққан ва Москвага келган бу шахс 2 ой ўтар-ўтмас талон-тарож учун яна 7 йилга қамалган.

Исмини ошкор қилишни истамаган терговчилардан бири Матёқубов турмада “православие” динини қабул қилиб, 2014 йилда муддатдан олдин озод этилгани, аммо бир ойдан кейин жиддийроқ жиноят - қотилликка қўл уради. Терговда иштирок этган психолог айбланувчи гўё унга хиёнат қилган хотинига аёлларни ўлдириб, шу тариқа қасд қилиб келганини билдирган.

Мосгорсудда бошланган маҳкама давомида давлат айбловчиси Бахтиёр Матёқубовга умрбод қамоқ жазоси сўралаётгани маълум бўлди.

Россия Тергов қўмитасида Озодликка Москвада бу шахс устидан суд жараёни якунланса у Тошкентга бериб юборилишини билдиришди. Бахтиёр Матёқубов Ўзбекистонда ҳам қотиллик ва бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилади.