Дума “фейк хабар” ва “ҳақоратни” тақиқловчи қонун лойиҳасини қабул қилди

Россия Давлат Думаси мамлакат расмийлари томонидан “фейк” ёки ёлғон хабар деб ҳисобланган маълумотни нашр қилувчи вебсайтларни блоклаш ҳамда расмийлар, давлат белгилари ва “Россия жамиятини” ҳақорат қилган сайтларни жавобгарликка тортишга йўл очувчи қонун лойиҳасини қабул қилди.

7 март куни овозга қўйилган фейк хабарлар бўйича лойиҳани маъқуллаб 322 депутат, унга қарши 78 депутат овоз берди.

Расмийлар, давлат белгилари ҳамда Россия жамиятини ҳақорат қилганларни жазолаш чоралари белгиланган қонун лойиҳаси эса 327-40 овозлар нисбатида қабул қилинди.

Қонун лойиҳаси кучга кириши учун энди уни парламент юқори палатаси маъқуллаши ҳамда президент Владимир Путин имзолаши керак.

Лойиҳа танқидчилари унинг ҳукуматга Кремль ва Россия сиёсатчилари фаолиятини танқид қилган вебсайтларни блоклаш имконини беришини айтмоқда.

Қонун кучга кирса, Роскомнадзор фейк хабар нима эканлиги ва қандай ҳаракатлар расмийлар ва давлат символикасини ҳақорат қилишга тенглаштирилишини ўзи хоҳлагандек белгилаши мумкин бўлади.