Аёлларнинг муайян соҳа ва касбда ишлашига қўйилган тўсиқ 1 майдан бекор қилинади. Бу борадаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор президент томонидан 7 март куни имзоланди.
Меҳнат кодексининг 225- моддасига асосан меҳнат шароити ноқулай ишларда, шунингдек, конларда аёлларнинг ишлаши тақиқланар эди. Аёллар меҳнати тақиқланган ишлар рўйхати 44 турдаги соҳа ва касбни, жумладан, кон, нефть ва газ қазиб олиш, қора металлургия, қурилиш ва монтаж ишларини ўз ичига олган эди.
Президент 7 мартда имзолаган қарорда бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига Меҳнат кодексининг 234-моддасига асосан қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилиши ҳам белгиланди.
Икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига болани овқатлантириш учун иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида бериладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.