Президент Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров Ўзбекистон триатлон федерацияси президентлигига сайланди.
Федерациянинг ҳисобот-сайлов йиғилиши 7 март куни Миллий олимпия қўмитасида бўлиб ўтди. Йиғилишга Миллий олимпия қўмитаси президенти Умид Аҳмаджонов шахсан раислик қилган.
Отабек Умаровнинг биринчи ўринбосари лавозимига эса собиқ триатлон спортчиси, тадбиркор Фаррух Носиров сайланди.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа қизи Шаҳноза Мирзиёеванинг турмуш ўртоғи бўлган Отабек Умаров "қайнотасининг тансоқчиси", деган маълумотлар мавжуд.
Eltuz.com нашри 2017 йилнинг 8 январь куни Мирзиëев кичик куёви Отабаек Умаровни хавфсизлик тизимларига ишга олганини ëзиб чиққан эди.
Нашр иддаосига кўра¸ президентнинг кенжа куёви январь ойи бошида президент хавфсизлик хизмати бошлиғининг биринчи ўринбосари этиб тайинланган.
Триатлон спортнинг энг мураккаб турларидан бири ҳисобланади. Триатлон мусобақалари ёзги ва қишги турларга бўлинади. Триатлоннинг ёзги турида спортчи кетма-кет ва тўхтамасдан сузиш, велопойга, югуриш мусобақаларида, қишки турида эса югуриш, велопойга ва чанғи мусобақаларида иштирок этиши лозим.