Лион архиепископи католик черковидаги бачабозликни яширгани учун олти ойлик шартли қамоққа ҳукм қилинди

Кардинал Филипп Барбарен (ўртада) судга олиб келинмоқда.

Француз суди Лион католик черкови архиепископи, кардинал Филипп Барбаренни бачабоз руҳонийлардан бири болаларни зўрлагани тўғрисидаги маълумотни полициядан яширгани учун олти ой шартли қамоққа ҳукм қилди.

Le Figaro газетасининг ёзишича, ҳукм ўқилганидан сўнг Барбарен Рим папасига истеъфога чиқиш тўғрисида ариза ёзишини айтган.

“Мен суд қарорини тўла тан оламан ва зўравонлик жабрдийдаларига яна бир бор ҳамдардлик билдираман”, деди Филипп Барбарен.

Хабарда айтилишича, гап 1980 -90 йилларда Лион епархияси руҳонийси Прен маҳаллий ўсмир ўғил болаларни жинсий зўралагани ҳақида бормоқда. 2014-2015 йилда бу зўравонликлардан кардинал Филипп Барбарен хабардор қилинган. Бироқ Барбарен бу маълумотни полициядан яширган.

Барбарен педофилия ҳолатини яширгани ошкор бўлгач, 2016 йилда Рим папасига истеъфо аризасини ёзган эди. Бироқ Рим папаси унинг истеъфосини қабул олмаган.

Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.

Рим папаси Франциск раислигида 21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди.

Мазкур анжумандан бир неча кун ўтгач, Австралияда Рим - католик черковининг энг нуфузли раҳбарларидан бири бўлган кардинал Жорж Пелла ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди. Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.