Швеция прокуратураси акцияларининг 37 фоизи ҳукуматга қарашли бўлган Telia (эски номи TeliаSonera) собиқ раҳбарларининг айбсиз деб топилгани ҳақидаги Стокҳольм суди ҳукми устидан апелляция киритди.
Бу ҳақда 8 март куни Швеция прокуратураси расмий баëнот чиқарди.
2007-2010 йилларда Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун ўшандаги президентнинг қизи Гулнора Каримовага қарaшли оффшор ширкатларига 350 миллион доллардан кўпроқ пора берганликда айбланган Telia ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг¸ ширкатнинг собиқ молиявий директори ва вице-президенти Теро Кивисаари ва Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туималар¸ маҳкаманинг 15 февраль кунги ҳукми билан¸ гумон қилинган жиноятларда айбсиз деб топилди.
Ҳукмга берилган изоҳга кўра¸ пора деб аталган юзлаб миллион доллар берилган йилларда швед қонунчилигига кўра¸ у ëки бу давлат расмийсига пул ëки бошқа нарса беришгина коррупция ҳисобланган ва айблов томони маҳкама давомида Гулнора Каримованинг давлат расмийси бўлганини шубҳа қолдирмайдиган даражада исбот қила олмаган.