OzodMikrofon: Ҳокимият 11 гектар еримдаги пахтани увол қилиб, давлатга хиёнат қилди!

Фарғоналик 38 яшар фермер Шерзод Ҳошимов

Озодликка Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманидан боғланган 38 яшар фермер Шерзод Ҳошимов ўзига қарашли 23 гектар ернинг ноқонуний равишда бошқа фермерга ўтказиб берилганини даъво қилди.

Унинг шикоят қилишича, ўтган йил ёзда ҳокимият қарори билан олиб қўйилган ернинг 11 гектар қисмига экилган пахта, икки фермер ўртасидаги мунозара боис, қаровсиз қолиб кетган.

"Мен бу пахтани экиш учун меҳнат ва маблағ сарфлаган эдим, гуллаб ҳосилга яқинлаб қолган эди... Ёзда ҳокимият ерни бошқа фермерга бериб юборганидан кейин ҳам мен у ерга бордим. Аммо мени ерга киритишмади, ҳатто куч қўллашди. Шу билан бу ердаги пахта бўлмади. Бу билан ҳокимият нафақат менга, давлатга ҳам хиёнат қилди", деб даъво қилди фермер.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

OzodMikrofon: Ҳокимият 11 гектар еримдаги пахтани увол қилиб, давлатга хиёнат қилди

38 яшар фермер Шерзод Ҳошимовнинг айтишича, сўнгги 4 йил ичида у 30 гектар ер майдонини, яхши ишлагани учун, 115 гектарга етказган ва ҳар йили режани бажарган.

"Ўтган йили Конституция куни муносабати билан кўкрак нишони билан тақдирландим. Лекин шунга қарамасдан, давлатдан 30 йилга ижарага олинган ерни ўтган йили мендан ноқонуний равишда олиб қўйишди. Бу йил эса "мақбуллаштириш" сиёсати баҳонасида, "ўтган йили режани бажармадинг", деб ҳамма еримни олиб қўйишмоқчи", деб арз қилади фермер.

Унинг айтишича, ўтган йили қаровсиз қолиб кетган 11 гектар майдондаги пахтадан кўрилган 40 миллион сўмлик зарар яна унинг бўйнига юкланган.

* * * * * * * * * * * * * * * * *
“Эркин микрофон” рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!