"Ўзбеккўмир" акциядорлик жамияти устав капиталининг 45 % акцияси Россиянинг "ПрогрессГорТех" ширкатига бериладиган бўлди.
Адлия вазирлигининг Telegram тармоғидаги Huquqiy axborot каналида маълум қилинишича, президент Шавкат Мирзиёев 7 март куни “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятини бошқариш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни имзолаган.
Президент қарорида: "ПрогрессГорТех" МЧЖ (Россия Федерацияси) шўъба хўжалик жамияти-ишончли бошқарувчи “Ўзбекистон темир йўллари”АЖнинг "Ўзбеккўмир" АЖ устав капиталидаги 45 % акциялари пакетининг ишончли бошқарувчиси сифатида жалб этилади", дейилади.
Шунингдек ушбу қарор билан, "Ўзбеккўмир" АЖга, акцияларини Россия ширкатига топширгунга қадар муддатда, "ПрогрессГорТех" МЧЖ билан техника ва технологик ускуналарни тендерсиз етказиб бериш бўйича тўғридан-тўғри шартномалар тузишга "истисно тариқасида" рухсат берилди.
Расмий хабарда айтилишича, бундан буён Ўзбекистонда кўмир нархи "операцион сарфлар, капитал харажатлар ва 10 фоиздан кам бўлмаган рентабеллик даражаси асосида шакллантирилади, ёқилғи-энергетика ресурслари нархлари қайта кўрилиши билан уйғун равишда қайта кўриб чиқилади".