Канаданинг B2Gold ширкати Навоий вилоятидаги учта истиқболли олтин конини ўзлаштирадиган бўлди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг 11 март куни билдиришича, бундай келишувга Канаданинг Торонто шаҳрида ўтган Халқаро тоғ-кон кўргазмаси доирасида эришилган. Мазкур тадбирда Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат агентлиги раҳбари Бобир Исломов етакчилигидаги ўзбек делегацияси иштирок этган.
Хабарда айтилишича, биринчи босқичда Канада ширкати олтин конлари учун 2 миллион доллар сармоя киритади. Лойиҳа истиқболли экани аниқланса, B2Gold сармоялар миқдорини бир неча баробарга кўпайтиради.
Бундан аввал Геология ва минерал ресурслар бўйича давлат агентлиги 2020-2024 йиллар мобайнида Ўзбекистон олтин заҳираси 474 тоннага кўпайиши мумкинлиги тўғрисида маълум қилган эди.