«Uzbekistan airways» 11 март куни Wi-fi билан жиҳозланган биринчи Airbus A320neo самолётига эга бўлди.
Ҳамбургдан олиб келинган янги самолёт 150 йўловчини ташишга мўлжалланган. A320neo ўз туридаги самолётлар орасида ёнилғини 20 фоизга тежаши ва 5000 километргача парвоз масофасига эгалиги билан ҳам ажралиб туради.
«Uzbekistan airways» ширкатининг билдиришича, иккита Airbus A320neo самолётини сотиб олиш бўйича шартнома 2017 йилда имзоланган эди. Иккинчи самолёт апрель ойида етиб келиши кутилмоқда. 2020 йилнинг октябрь-ноябрида учинчи Airbus A320neoни сотиб олиш режалаштирилган.
Бундан ташқари жорий йилнинг апрель-июнь ойлари оралиғида иккита Boeing 787 Dreamliner самолётларининг олиб келиниши режалаштирилган.
Озодлик компания фаолиятидан бевосита хабардор экспертларга таяниб¸ 2018 йилнинг 24 декабрь куни миллий авиаширкатга қарашли 200 миллион долларлик Boeing 787-8 Dreamliner самолёти икки йилда ишдан чиққанини хабар қилган эди.