Москвадаги иккита бозорда ўнлаб ўзбекистонлик қўлга олингани айтилмоқда (ВИДЕО)

Иллюстратив сурат.

Москванинг “Люблино” ва “Садовод” бозорларида полиция томонидан ўтказилган рейдларда ўнлаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожири қўлга олинди.

ТАССнинг 11 март куни билдиришича, қўлга олинган ўзбекистонлик ва тожикистонлик мигрантлар мамлакатда бўлиб туриш ва ишлаш тартибини бузган ёки бузмагани юзасидан текширилмоқда. Шунингдек, қатор муҳожирлар айрим жиноятларга алоқадорлиги юзасидан ҳам текширув ўтказилмоқда.

Фергана агентлигининг ёзишича, 11 март куни эрталабки соат 5да юзга яқин автобусда бозорларга полиция ва миграция хизмати ходимлари олиб келинган. Полиция бозорни қуршаб олиб, унга одамларни киритмаган.

“Ахбор” нашрининг ёзишича, полиция рейдидан асосий мақсад катта миқдорда пул ювишда гумонланган бозор раҳбарларини қўлга олиш бўлган. Қўлга олинганлар орасида «Скор Лоджистик» турк ширкати раҳбари Курт Улмуш ҳам бор.

Полиция ва миграция хизмати ходимлари бозор раҳбарлари билан бир қаторда мигрантларни ҳам қўлга олган.

Айрим нашрлар эса бу облавалар Москванинг Марьино туманида 8 март куни мигрантлар ўртасида юз берган оммавий муштлашув ортидан ўтказилди, деб ёзди. Мазкур муштлашув пайтида пичоқбозлик ва ўқ отиш оқибатида уч киши жабрланган эди.