Петербургдаги полиция рейдида 300 нафарга яқин муҳожир қўлга олинди

Иллюстратив сурат.

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри Фрунзе тумани София кўчасидаги мева-сабзавот базасида 11 март куни ўтказилган рейд давомида бу ерда ноқонуний равишда ишлаётган 300 нафарга яқин муҳожир қўлга олинди.

Петербург полициясининг билдиришича, рейд давомида базада ишлаётган 900 нафар мигрантнинг ҳужжатлари текширилган. Муҳожирлардан 284 нафари ноқонуний ишлаётгани аниқланган.

11 март куни Москванинг “Люблино” ва “Садовод” бозорларида полиция томонидан ўтказилган рейдларда ўнлаб ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожири қўлга олингани ҳам хабар қилинган эди. Бироқ Москвадаги рейдларда қўлга олинган муҳожирларнинг аниқ сони ҳақида маълумот берилмади.

Хабарда айтилиишча, кўпинча муҳожирлар томонидан қонуннинг бузилишига Россияда ишлаш учун мигрантларга бериладиган рухсатнома нархининг қимматлиги сабаб бўлмоқда.

Меҳнат рухсат берувчи патент Москвада 5000 рубль, Петербургда 3800 рубль, Москва вилоятида 4750 рубль туради. Патент қимматлиги сабабли айрим муҳожирлар уни расмийлаштирмай, ноқонуний ишлашга мажбур бўладилар.