13 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида Жамшид Кенжаевнинг ўлимига сабабчи бўлган Шодали Қиличов, Саидазим Камолдинов, Алижон Ҳамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни ниҳоясига етди ҳамда суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий суди расмий вакили Азиз Обидовга таяниб, gazeta.uz хабар қилди.
Мазкур жиноий иши судья Сарвар Каримов раислигида ҳамда халқ маслаҳатчилари А. Нишонов ва М. Мирағзамовдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.
Суд жиноят иши материалларини ҳар томонлама ва тўлиқ ўрганиб чиқиб, Ш. Қиличовни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда, С. Камолдинов, А. Хамраев ва Ж. Ёрқуловни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликларида айбдор деб топди.
Суд ҳукмига асосан Ш. Қиличовга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини қаттиқ тартибли колонияда ўташ белгиланди, С. Камолдинов, А. Хамраев ва Ж. Ёрқуловнинг ҳар бирига 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил-колонияда ўташ белгиланди.
Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Шунингдек, мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчилар ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.
Ўзбекистонлик эркин курашчи Жамшид Кенжаев Тошкентдаги Aurum 898 тунги клубда 2018 йилнинг 9 августига ўтар кечаси юз берган пичоқбозлик оқибатида ҳалок бўлган эди.