Польша католик черкови руҳонийлар томонидан ўғил болаларнинг жинсий зўрланиши тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилди.
Ҳисоботда таъкидланишича, сўнгги 30 йил ичида Польшада 400га яқин руҳоний томонидан 600га яқин бола зўрлангани аниқланган. Бу болаларнинг ярмидан кўпроғи 15 ёшга тўлмаган пайтда зўрланган.
Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.
Рим папаси Франциск раислигида 21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди.
Мазкур анжумандан бир неча кун ўтгач, Австралияда Рим - католик черковининг энг нуфузли раҳбарларидан бири бўлган кардинал Жорж Пелла ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди. Жорж Пелла бачабозлик айблови билан судланган католик черковининг энг юқори лавозимли руҳонийси бўлди.
7 март куни эса Францияда Лион католик черкови архиепископи, кардинал Филипп Барбарен бачабоз руҳонийлардан бири болаларни зўрлагани тўғрисидаги маълумотни полициядан яширгани учун олти ой шартли қамоққа ҳукм қилинди.