Ҳаага халқаро трибунали 8000 мусулмонни қирганликда айбланган Каражич шикояти бўйича ҳукм чиқаради

Радован Каражич

20 март куни Ҳаага халқаро трибунали Босния сербларининг собиқ лидери Радован Каражичнинг апелляция шикояти бўйича ҳукм чиқаради.

2016 йилда Ҳаага халқаро трибунали Каражични 1995 йилда содир бўлган Сребреница қирғинидаги роли учун геноцидда айбдор деб топиб, уни 40 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Сребреница қирғини давомида Босния серблари кучлари Ратко Младич бошчилигида БМТ хавфсиз зонаси этиб тайинланган Сребреница шаҳрини босиб олиб, бунинг ортидан 8 мингга яқин мусулмон эркак ва ўғил болани қирган эди.

Каражич, шунингдек, Босния пойтахти Сараевонинг деярли тўрт йил давомида қамал қилинишидаги роли учун ҳам айбдор деб топилган. Қамал давомида 10 мингга яқин одам ҳалок бўлган.

Каражич жиноятларини Югославиядаги уруш жиноятлари бўйича халқаро трибунал (ICTY) кўриб чиққан. Трибунал 2017 йилда ўз ишини расман тугатди. Шу сабабли БМТнинг Халқаро трибуналлар механизми Болқон давлатлари ҳамда Руандадаги якунланмаган уруш жиноятлари ишларини кўриб чиқмоқда.

Каражич унга чиқарилган суд ҳукми “сиёсий суд” натижаси эканлигини айтиб, 50 сабабга кўра суд ҳукми устидан шикоят қилган.