Россия президенти Владимир Путин Москва назарида Қрим Россияга қайтган куннинг беш йиллигини нишонлаш учун яриморолга борди.
Украина ҳамда ғарб давлатлари Россия Украинанинг Қрим минтақасини қўшиб олганини “ноқонуний аннексия” ўлароқ кескин қоралаб, мамлакатга қарши санкция жорий қилиб келади.
18 март куни Путин Севастополь ҳамда Симферополь шаҳарларида икки энергия станциясини расман очиб берди.
2014 йилнинг 18 мартида Путин Украинанинг Қрим минтақаси Россияга қайтарилгани ҳақидаги келишувни имзолаган. Бундан олдин Россия кучлари Қримни эгаллаб олган, яриморолда халқаро ҳамжамият тан олмаган референдум ўтказилган эди.
Путин ташрифи арафасида Европа Иттифоқи ташқи ишлар мутасаддиси Федерика Могерини Кремлнинг Қримни ноқонуний тарзда аннексия қилиб олганини кескин қоралаб, Европа Иттифоқи Украина суверенитети ҳамда ҳудудий бирлигини қўллашда давом этишини таъкидлади. Могерени, шунингдек, Москвани Қримда инсон ҳуқуқлари поймол қилинаётгани учун танқид қилди.
15 март куни АҚШ, ЕИ ҳамда Канада Россиянинг Украинадаги агрессиясига жавобан ўндан ошиқ расмийга қарши янги санкция жорий қилди.
Украина ҳукумати қўшинлари 2014 йилдан бери мамлакат шарқида Россия дастаклаб келаётган айирмачиларга қарши курашиб келади. Тўқнашувларда бугунга қадар 13 мингга яқин одам ҳалок бўлган.