Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қўшработ туманида тиббиёт ходимлари калтаклангани юзасидан Бош прокуратурага мурожаат қилди.
Аввалроқ маҳаллий матбуотда 7 март куни Қўшработда “тез ёрдам” шифокори ва ҳайдовчисини маст ҳолдаги бемор ва унинг қариндошлари калтаклагани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 18 март куни расман билдиришича, мазкур ҳолат юзасидан “тегишли идоралар” “қонуний тўхтамга келмаган”. Шу сабабли вазирлик вазият назоратга олинишида амалий ёрдам сўраб, Бош прокуратурага мурожаат қилган.
Вазирликдаги маълумотларга қаралса, 2017-2018 йил давомида Ўзбекистонда беморлар ва уларнинг қариндошлари томонидан 300га яқин тиббиёт ходими калтакланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда, вазирлик жорий йилнинг 29 январида вазифасини бажариб турган тиббиёт ходимига тажовуз қилганларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш назарда тутилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқди ва 5 февралда уни тегишли вазирлик ва идораларга келишиш учун юборди.