БAA фуқаролари 20 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз киради

Дубай манзараси.

Бирлашган Араб Амирликлари ватандошлари 20 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз келиб кетишлари мумкин. Бу борада президент Мирзиёев 18 март куни “Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикасига кириш режимини янада соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.​

"2019 йил 20 мартдан бошлаб Бирлашган Араб Амирликлари фуқаролари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан эътиборан 30 кун муддатга визасиз режим белгилансин”, дейилади фармонда.

Бундан ташқари БАА фуқаролари учун бир йил муддатгача бўлган кўп марталик визалар Ўзбекистоннинг чет элдаги муассасаларида ҳужжатлар қабул қилинган кун ҳисобга олинмасдан 3 иш куни мобайнида расмийлаштирилади.

Ҳужжатда қайд этилишича, бундай қарор БАА билан сиёсий, савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорликни янада фаоллаштириш, мамлакатда қулай инвестиция муҳитини яратиш ва туризм салоҳиятини ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.