Президент Шавкат Мирзиёев 19 март куни истеъфо берган Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Президент матбуот хизматининг билдиришича, суҳбат Назарбоев истеъфо берганидан бир оз ўтгач бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Президенти узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли Ўзбекистон-Қозоғистон муносабатлари учун мустаҳкам пойдевор яратишга қардош Қозоғистоннинг Биринчи Президенти қўшган ҳиссани юксак баҳолади ва чуқур миннатдорлик билан қайд этди”, дейилади хабарда.
Мирзиёев мулоқот пайтида Назарбоев раҳбарлигида Қозоғистон замонавий бозор иқтисодиётига эга давлатга айлангани, тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик таъминлангани, Қозоғистон дунёнинг 50 ривожланган давлатлари сирасига киргани тўғрисида гапирган.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистоннинг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоевга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат ва Қозоғистон халқига хизмат қилиш йўлида муваффақиятлар тилади. Томонлар давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва ҳамкорлик бундан буён ҳам изчил мустаҳкамланишига ишонч билдирди”, дейилади хабарда.
Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарган 79 яшар Назарбоев 19 март куни халққа қилган жонли телемурожаатида истеъфога чиққанини билдирган эди.