Ёқутистон ички ишлар вазири Владимир Прокопенко республикада меҳнат муҳожирлари яна қайтатдан «қўшимча равишда ўта қаттиқ» текширилишини маълум қилди. Бу ҳақда вазир Қирғизистон ҳукумати расмийлари билан ўтган учрашув чоғида гапирди.
19 март куни Қирғизистоннинг Миграция хизмати ва Россиядаги элчихонаси вакилларидан иборат делегация Ёқутистонга бориб, республика раҳбарлари билан учрашган эди.
Ёқутистонда маҳаллий аëлнинг қирғизистонлик муҳожир томонидан зўрлангани ҳақидаги хабарлардан кейин кучайиб кетган мигрантларга қарши зўравонликлар сабаб 19 март куни муҳожирлардан иборат бўлган 80 дан ошиқ автобус ҳайдовчиси ишга чиқмади.
Якутск шаҳар мэри Сардана Авксентьеванинг айтишича, бугунги кунда республикадаги мигрантларнинг асосий қисмини қирғизистонликлар ташкил қилади.
-Ҳозирда биз маҳаллий меҳнат бозорини муҳожирлардан ҳимоя қилишга уринмоқдамиз. Бугунги кунда Ёқутистонда қирғиз диаспораси сони 30 минг кишини ташкил қилади. Арманистондан 5717 нафар, Қозоғистондан 1355 нафар муҳожир бор. Беларуслик муҳожирлар сони эса ўта оз,-деди мэр.
Маҳаллий аёлнинг муҳожир томонидан зўрланишидан ғазабга келган Ёқутистон фуқаролари 18 март куни намойишга чиққан эдилар. Ўша куни маҳаллий аҳоли томонидан қатор муҳожирлар калтаклангани ҳам хабар қилинган.
18 март кунги намойишда Ёқутистон президенти Айсен Николаев ва пойтахт Якутск мэри Сардана Авксентьева ҳам иштирок этган.