Назарбоевнинг қизи Дариға Қозоғистон Сенати раиси этиб сайланди

Дариға Назарбоева

Қозоғистоннинг истеъфога чиққан президенти Нурсултон Назарбоевнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева мамлакат парламентининг юқори палатаси - Сенат раиси этиб сайланди.

20 март куни сенаторлар 55 ёшдаги Назарбоева номзодини бир овоздан қўллади.

Қозоғистонни 30 йил мобайнида бошқарган 79 яшар Назарбоев 19 март куни халққа қилган жонли телемурожаатида истеъфога чиққанини билдирган эди.

Бу орада Қозоғистон конституциясига биноан Сенатнинг раиси Қосимжўмарт Тўқаев 20 март куни вақтинча президент сифатида қасамёдга келтирилди. Конституцияга мувофиқ, Сенат раиси амалдаги президент ўз вазифасини бажаролмай қолганида ёки истеъфо берганида навбатдаги сайловга қадар президент ваколатини бажариб туради.

Тўқаев Назарбоевнинг президентлик муддати якунланадиган 2020 йилга қадар президент вазифасини бажаради. Янги президент Назарбоевни Қозоғистоннинг “абадий элбошчиси, миллат отаси” қаторида сифатлади ҳамда унинг номини абадийлаштириш йўналишида қилинадиган ишларни санаб ўтди.

Аксар таҳлилчилар Назарбоев ўрнини қизи Дариға эгаллаши мумкинлигини тахмин қилиб келади. Дариға Назарбоева 2016 йилдан бери Сенатнинг Халқаро алоқалар, мудофаа ҳамда хавфсизлик қўмитасига етакчилик қилиб келади. Ундан аввал бош вазир ўринбосари лавозимида ишлаган.