Ёқутистонда муҳожирларга ҳужум қилишда айбланаётган бир гуруҳ одам қўлга олинди

18 март куни Якутск шаҳрда бўлиб ўтган митингга 5 мингга яқин одам тўпланди.

Россиянинг Ёқутистон Республикасида марказий осиёлик муҳожирларга ҳужум қилишда айбланаётган бир гуруҳ шахс қўлга олингани хабар қилинди.

Республикада қирғизистонлик меҳнат муҳожири маҳаллий аёлни ўғирлаш ва зўрлашда айбланиб, қўлга олиши ортидан мигрантларга қарши оммавий митинглар бошланди, муҳожирларга ҳужумлар кўпайди.

20 март куни пойтахт Якутск полицияси вакили Озодлик билан суҳбатда бир неча одам қўлга олинганини айтди, аммо улар сонини очиқламади.

Якутск полицияси аҳолини этник нафратга берилмасликка чақирмоқда.

17 март куни Россия полицияси 23 ёшдаги Қирғизистон фуқароси 36 ёшли аёлни олиб қочиб, зўрлашда айбланиб қўлга олинганини маълум қилган эди. Натижада Ёқутистон бўйлаб муҳожирларга қарши ҳужумлар кўпайди. 19 март куни марказий осиёлик муҳожирлар ишлатадиган бизнеслар ўз эшикларини очмади, муҳожирлар ҳайдайдиган автобус линиялари фаолияти тўхтаб қолди.

17 март куни Ёқутистон пойтахти Якутскда мигрантларга қарши 200-300 кишилик стихияли митинг бўлиб ўтди. Йиғилганлар миграция қонунчилигини кучайтириш ва жиноятчиларни қаттиқ жазолашни талаб қилди. 18 март куни эса шаҳар стадионига 5 мингга яқин одам тўпланди. Ўша куни қирғизистонлик делегация вазиятни муҳокама қилиш учун маҳаллий расмийлар билан учрашгани хабар қилинди.