Сребреница қурбонлари яқинлари Ҳаага судининг Каражич устидан қарорини олқишлади

Сребреницада 8 мингга яқин мусулмон эркак ва ўғил болани қирғин қилинган эди.

Сребреница қирғини қурбонларининг қариндошлари Ҳаагадаги суд Радован Каражични умрбод озодликдан маҳрум қилганини олқишлади.

20 март куни Каражич шикоятини кўриб чиққан судьялар унинг устидан аввал чиқарилган 40 йил қамоқ жазоси ҳукмини бекор қилиб, умрбод озодликдан маҳрум қилди.

2016 йилда Ҳаага халқаро трибунали Каражични 1995 йилда содир бўлган Сребреница қирғинидаги роли учун геноцидда айбдор деб топиб, уни 40 йил қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Сребреница қирғини давомида Босния серблари кучлари Ратко Младич бошчилигида БМТ хавфсиз зонаси этиб тайинланган Сребреница шаҳрини босиб олиб, бунинг ортидан 8 мингга яқин мусулмон эркак ва ўғил болани қирган эди.

Сребреница қирғинида омон қолган бир гуруҳ сербиялик суд жараёнини Сребреница яқинидаги Поточари шаҳридаги мемориалдан туриб кузатиб борди.

Бида Османович 22 яшар ўғли қирғин қурбони бўлганини айтар экан,

- Суднинг бу қарори учун худога шукр айтамиз. Бошқа ҳар қандай қарор бизни тамом қилган бўларди, - деди.

Сребреницанинг ўзида эса маҳаллий аҳоли қурбонлар хотирасига қурилган мемориалда суд жараёни ёзиб олинган тасмани томоша қилди.

Босниядаги айрим этник серблар Каражични ўз халқини ҳимоя қилган қаҳрамон деб билади.