Москва полицияси Третьяков галереясида 20 март куни яланғоч ҳолда сайр қилган шахсни қидирмоқда.
20 март куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода қизил стрингдан бошқа кийими бўлмаган одам музейнинг бир нечта залида сайр қилгани акс этган эди. Бу одамнинг баданига нақш чизилган. Шундан келиб чиққан ҳолда Третьяков галереяси раҳбарияти бу ҳолатни “замонавий рассомларнинг норасмий намойиши бўлиши эҳтимол”, деб шарҳлади.
Музей ходимлари полицияга қўнғироқ қилган. Лекин полиция етиб келгунига қадар яланғоч шахс музейни тарк этган.
Музейни қўриқлаётган Росгвардия воқеа учун масъул эмаслигини маълум қилди. Росгвардиянинг билдиришича, яланғоч одам Росгвардия қўриқлашга масъул бўлмаган залларда сайр қилган.
27 январь куни Третьяков галереясидан рассом Архип Куинжининг "Ай-Петри. Қрим" асари ўғирлаб кетилган эди. Шундан сўнг музей Росгвардия билан галереяни қўриқлаш тўғрисида шартнома имзолаган.