AIBA Ғофур Раҳимов ўрнига вақтинчалик президент тайинлаш масаласини кўриб чиқмоқда

Халқаро бокс уюшмаси - AIBA ижроия қўмитаси ташкилотга вақтинчалик президентни тайинлаш жараёнини бошлаш масаласини муҳокама этишга киришган.

22 март куни ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов AIBA президенти лавозимидан истеъфо беришини билдирган эди.

Ҳозирча Раҳимов ўрнига ким AIBAга вақтинча раҳбар этиб тайинланиши маълум эмас.

Ташкилот расмий сайтида 25 мартга қадар бу ҳақда бошқа ҳеч қандай изоҳ берилмаслиги таъкидланган.

Раҳимов истеъфо бериш қарорига "сиёсий босимлар, айбловлар" сабаб келганини айтган.

АҚШ Молия вазирлигининг уюшган халқаро жиноий гуруҳ етакчиларига қарши санкциялари рўйхатига киритилган ўзбекистонлик тадбиркор Ғофур Раҳимов Халқаро бокс ассоциацияси (AIBA) президенти лавозимига ўтган йил ноябр ойида ташкилотнинг Москвада бўлган йиғинида сайланган эди.

Халқаро Олимпия қўмитаси ўшанда Раҳимовга ўз номзодини олишни тавсия қилган, акс ҳолда Олимпиада дастуридан бокс чиқариб юборилиши ҳақида огоҳлантирган эди.