Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг рафиқаси Раиса Атамбаева ўғли Қадир билан Ўзбекистон президентининг рафиқаси Зироатхон Мирзиёеванинг таклифига биноан Тошкентга учиб кетди. Бу ҳақда Алмазбек Атамбаев бош бўлган Қирғизистон социал-демократик партиясининг расмий вакиласи Қундуз Жўлдубаева Facebook тармоғидаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.
“Улар яхши дўстона муносабатга эгалар, Раиса Атамбаева ва Зироатхон Мирзиёева доим мулоқотда бўлиб туришади”, деб ёзган Қ.Жўлдубаева.
Унинг қайд этишича, Раиса Атамбаева ва ўғли Бишкекка 28 март куни қайтиши кутилмоқда.
Алмазбек Атамбаев ўзининг президентлик муддати охирида “стратегик ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳамда анъанавий дўстлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашга қўшган улкан ҳиссаси учун” Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевни “Данакер” ордени билан мукофотлаган. Орденни Мирзиёевга 2017 йил декабрида Тошкентда Қирғизистоннинг амалдаги президенти Сўўрўнбай Жээнбеков топширган.