26 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев Дубайда Бирлашган араб амирликлари Вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рошид Ол Мактум билан музокара ўтказди¸ деб хабар берди президент матбуот хизмати.
Расмий баëнотга кўра¸ учрашувда ўзаро кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш ҳақида сўз борган.
Дубай амири билан сўзлашув якунида "қўшма инвестицион компания ташкил этиш тўғрисида шартнома, Самарқанд инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий агрокластер ташкил этиш тўғрисида битимлар, қишлоқ хўжалиги ва логистика соҳаларида ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама ҳужжатлар" имзоланган.
24 март куни расмий ташриф билан Бирлашган Араб Амирликларига борган Шавкат Мирзиëев 25 март куни Абу-Дабида бу амирлик валиаҳди Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашди.
БАА сафари натижасида Тошкент делегациясининг Ўзбекистонга амирлик инвестициясини жалб қилишга ҳаракат қилаëтгани айтилмоқда.
БАА сафари арафасида Мирзиëев амирлик ватандошларининг 2019 йилнинг 20 мартидан бошлаб Ўзбекистонга визасиз кириши ва 30 кунгача қолишига рухсат берувчи махсус фармонга қўл қўйди.