Қўшма Штатлар ўзбек пахтасини мажбурий ёки болалар меҳнати ҳисобига етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.
Вазирликнинг бунга оид дастлабки қарори ўтган йил июлида қабул қилинган. Бироқ америкалик расмийларнинг бу қарорига қатор жамоатчилик ташкилотлари, жумладан, халқаро ҳуқуқ ҳимоячилари, касаба уюшмалари, кийим-кечаклар ишлаб чиқарувчи компаниялар ва инвесторларни бирлаштирган Cotton Campaign ташкилоти норозилик билдириб чиққанди.
“Олинган изоҳлар ва мавжуд маълумотлар диққат билан ўрганиб чиқилганидан кейин департаментлар Ўзбекистонда пахта етиштирилишида мажбурий болалар меҳнатидан фойдаланиш сезиларли даражада камайганини аниқладилар. Пировардида бу маҳсулот эндиликда ЕО рўйхатига киритиш учун белгиланган мезонларга тўғри келмайди”, дейилади Меҳнат вазирлиги баёнотида.
Болаларни меҳнатга мажбурлаш ҳисобига етиштирилган маҳсулотларни сотиб олмаслик сиёсати АҚШда 2001 йили бошланган ва ушбу маҳсулотлар рўйхати тузилган. Ўзбек пахтаси мазкур рўйхатга 2010 йили киритилган. АҚШ Меҳнат вазирлиги 2018 йил июль ойидаги баёнотида барча оммавий изоҳларни ўрганган ҳолда ўзбек пахтасига нисбатан якуний хулосага келишини билдирган.
Ўтган ой Бош вазир ўринбосари Танзила Норбоева халқаро ташкилотлар томонидан ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни тўхтатиш масаласида музокаралар олиб бориш учун АҚШга борган ҳамда Cotton Campaign вакиллари билан учрашган.
Cotton Campaign халқаро коалицияси Ўзбекистон ҳукумати делегацияси билан ўтказилган музокаралардан сўнг мажбурий меҳнатга батамом барҳам берилмагунига қадар ўзбек пахтасига эълон қилинган бойкотни сақлаб қолишга қарор қилган.
Cotton Campaign баёнотига кўра, учрашув чоғида ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш юзасидан қатъий чоралар кўрилганини юқори баҳолаган. Айни пайтда мажбурий меҳнатга тўла барҳам берилмагани, бу соҳада қилинадиган ишлар анчагина экани ҳам эътироф этилган.
Cotton Campaign халқаро коалицияси 2010 йили Ўзбекистонда етиштирилган пахтага бойкот эълон қилиш тадбирини бошлаган эди. Бунга Ўзбекистонда болалар ва катталар пахта теримида мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани асосий сабаб бўлган. Бойкотга Nike, Zara, GAP, Levi"s, H&M, UNIQLO ва бошқа жаҳонга машҳур брендлар қўшилган эди.