Ўзбекистонда таниқли кинорежиссёр Дамир Салимов 28 март куни 81 ёшида вафот этди. Бу ҳақда “Ўзбеккино” Миллий агентлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
“Шум бола”, “Ленинградликлар – жигарбандларим менинг”, “Тоғлар чорлайди” каби машҳур фильмлар ва қатор мультфильмлар ижодкори бўлган Д. Салимов, яқинларига кўра, узоқ давом этган хасталикдан сўнг оламдан ўтган.
Дамир Салимов 1937 йил 19 июлида Самарқандда туғилган. Москвадаги Бутуниттифоқ давлат кинематография институтида ўқиган. Ўзбекистондаги энг иқтидорли режиссёр ва операторлардан бири бўлиб ҳисобланган.
1981 йили Д. Салимовга Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвони берилган, 1983 йилда эса Ҳамза номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлган.