АҚШ Давлат Департаменти Россия расмийларининг Россия Федерациясида фаолияти таъқиқланган “Ҳизбут-таҳрир” га алоқадорлик гумони билан босиб олинган Қримда 23 фуқаро қўлга олинганини қоралади.
АҚШ Россияни зудлик билан ҳибсга олинган қрим татарларини, шунингдек, бошқа “адолатсиз равишда қамоққа ташланган украинлар”ни озод қилишга чақиради, деди Давлат Департаменти раҳбари ўринбосари Роберт Палладино.
28 март куни Россия назорати остидаги Симферополнинг Киев туман суди 15 майгача 23 нафар қрим татар фаолини Россия Олий суди томонидан 2003 йилда террорчи ташкилот сифатида тан олинган исломий "Ҳизбут-таҳрир" партиясига алоқадорлик гумони билан қамоққа олди. Украинада унинг фаолияти тақиқланмаган.
Бир кун илгари Россия ФХХ, ИИВ ва Росгвардия ходимлари босиб олинган Қримнинг бир неча аҳоли пунктларида террорчилик гуруҳида иштирок этиш ва фаолиятни ташкиллаштириш тўғрисидаги жиноий иш бўйича қрим татарлар уйларида тинтув ва ҳибсларни ўтказди. Қўлга олинган қрим татарлар — “Қрим бирдамлиги” ҳуқуқ ташкилотининг фаоллари бўлиб, уларнинг кўпчилиги оддий журналистлардир.
2014 йил Қрим Россия томонидан аннексия қилинганидан бери ташкилот ишида иштирок этиш айби билан 55 нафар мусулмон қамоққа олинди. Уларнинг кўпчилиги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ҳаракати томонидан сиёсий маҳбуслар деб тан олинган.