Россия расмийси бокс спорти 2020 йилги Токио олимпиадаси дастурида қолдириладиган бўлса, Халқаро бокс ассоциациясининг (AIBA) 16 миллион доллар қарзини тўлашни таклиф қилди.
Бу ҳақда AIBA ижроия қўмитаси аъзоси Умар Кремлёв Халқаро Олимпия қўмитасига (ХОҚ) юборган расмий хатдан маълум бўлди.
AIBA ҳаваскор боксни бошқарувчи ташкилот бўлиб, унинг қароргоҳи Швейцарияда жойлашган. AIBA президенти бўлиш нияти борлигини изҳор қилган Кремлёв мактубида “севимли спортимиз олимпиада дастурида қолдириладиган бўлса, AIBAнинг қарзларини тўлашга тайёрман”, дейилади.
AIBA кейинги йилларда қатор муаммоларда дучор бўлди. ХОҚ ассоциацияни ўз молиявий ва бошқарув фаолиятини тартибга келтиришга ва допинг билан боғлиқ хавотирларни бартараф қилишга чорлаб келади.
АҚШ Молия вазирлиги томонидан халқаро наркогуруҳларга алоқадор шахс сифатида қора рўйхатга киритилган ўзбекистонлик Ғафур Раҳимовнинг AIBA президенти этиб сайланишига жавобан ХОҚ 2018 йилнинг 30 ноябрь куни боксни 2020 йилги олимпиада ўйинлари дастурига киритиш-киритмаслик бўйича қарор беришни тўхтатиб қўйган.
Ғафур Раҳимов AIBA президенти лавозимидан истеъфо берди. Раҳимовнинг бу ҳақдаги баёноти ташкилотнинг расмий сайтида 22 март куни эълон қилинди.
AIBAнинг навбатдаги олимпиада ўйинларидаги тақдири бўйича якуний қарор 22 май куни эълон қилиниши кутилмоқда.