Европа Иттифоқи Россия расмийларини аннексия қилинган Қримда татарларга тазйиқ ўтказишни бас қилишга чорлади.
29 март куни Симферополь шаҳрининг Россия бошқарувидаги суди 27 мартдан бери 23 нафар Қрим татари қўлга олиниб, 15 майгача тергов изоляторига қамалганини маълум қилди. Уларга ман этилган ”Ҳизб ут-Таҳрир” исломий гуруҳига аъзо бўлиш айблови қўйилган.
30 март куни ЕИ матбуот котиби эълон қилган билдирувда иттифоқ “ноқонуний тарзда қўлга олинган украиналикларни зудлик билан озод этилишини” кутиши айтилади.
Россия Қримни 2014 йилда аннексия қилиб олганидан бери Россия расмийлари 31 нафар Қрим татарини “Ҳизб ут-Таҳрир”га аъзо бўлишда айблаб, судлади.
Жорий йилнинг февраль ойида Федерал хавфсизлик хизматининг яриморолдаги бўлими саккиз нафар шахсни Қримда ҳокимиятни эгаллаб олишни режалаштиришда айблаб қўлга олди.
Қароргоҳи Лондонда жойлашган “Ҳизб ут-Таҳрир” барча мусулмонларни бирлаштириб, халифалик тузишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Гуруҳ Украинада қонуний тарзда фаолият олиб бориши мумкин. Аммо 2003 йил Россия олий суди гуруҳ қўлловчиларини экстремистлар деб атаб, гуруҳ фаолиятини мамлакатда ман этган.
Ғарб давлатлари Россияни Қримда татарлар ҳамда Москва агрессиясини танқид қилган бошқа гуруҳларни тазйиқ остига олаётгани учун кескин қоралаб келади.