Amazon: Саудияликлар Жефф Безос телефонидан шахсий маълумот ўғирлаган

Iиркат директори Жефф Безос

Amazon ширкати ёллаган хавфсизлик терговчиси Гэвин де Беккер Саудия Арабистони расмийлари ширкат директори Жефф Безоснинг телефонига ҳакерлик ҳужумини уюштириб, шахсий маълумотларни қўлга киритганини даъво қилди.

Беккернинг 30 март куни The Daily Beast сайтида эълон қилинган мақоласида “терговчиларимиз ҳамда бир неча мутахассис катта ишонч билан саудияликлар Безос телефонига кириб, шахсий маълумотларни қўлга киритганини хулоса қилди”, дейилади.

Безоснинг шахсий суратлари ёйинланишини ўрганиш учун ёлланган Беккер ҳакерлик ҳужуми The Washington Post газетаси саудиялик журналист Жамол Хашоггининг Истанбулда Саудия консулхонасида ўлдирилганини кенг ёритганидан олинган қасос бўлиши мумкин, деб ҳисобламоқда.

Дунёдаги энг бадавлат одам ҳисобланувчи Безос ушбу газетага эгалик қилади.

Жамол Хашоггининг жасади Истанбулдаги консуллик биносида майдаланган тарзда йўқ қилинган ва буни Саудия Арабистони қилгани хабар қилинган.

Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмон (лақаби МБС) қотилликни буюртирганини рад этиб келади.

“Шубҳасиз, МБС The Washington Post нашрини ўзига катта душман, деб билади”, дейилади Беккер мақоласида.