Президент Мирзиёев, Бухоро фаоллари билан учрашувда, 2021 йилгача хорижий сайёҳлар сонини 2 баробар кўпайтириш, туризм хизматлари тушумини 350 миллион долларга етказиш режасини маълум қилди.
Президент матбуот хизматининг хабар қилишича, 29-30 март кунлари вилоятга борган Шавкат Мирзиёев Бухоро вилояти фаоллари ва мутасадди раҳбарлар иштирокидаги йиғилиш ўтказган.
Расмий хабарга кўра, жорий йилда Бухоро шаҳридаги «Бухоро-палас», «Варахша» ва «Зарафшон» меҳмонхоналари реконструкция қилинади, 32 та янги меҳмонхона, 9 та мотель ва 50 та меҳмон уйлари фойдаланишга топширилади.
"Натижада меҳмон ўрни 7 мингтага етиб, туристларни қабул қилиш имконияти қарийб 2 баробар кўпаяди", деб ёзади матбуот хизмати.
Шунингдек, президент авиақатновлар сонини ошириш, Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз шаҳарлари билан автобус ва поездлар қатновини кўпайтириш орқали Бухорони «саёҳатлар чорраҳаси»га айлантириш лозимлигини таъкидлади.
Шунингдек, «Бухоро тарихи» музейини қуриш, кўнгилочар масканлар, ҳунармандлар марказлари ва Бухоронинг эски шаҳар қисмида туристлар пиёда сайр қиладиган йўналишлар ташкил қилиш бўйича топшириқлар берилди.