Мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини рўйхатга олиш бошланди

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистонда 1 апрелдан бошлаб мобил телефонларининг IMEI кодларини автоматик тарзда рўйхатга олиш жараёни бошланади.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг билдиришича: “Қурилмани автоматик рўйхатдан ўтказганлик учун ҳақ олинмайди ва абонентлардан уларга тегишли қурилмани рўйхатдан ўтказиш учун ҳеч қандай ҳаракатлар талаб этилмайди – рўйхатга олиш ҳаракатлари тизим оператори ва алоқа операторлари томонидан амалга оширилади”.

Расмий маълумотда билдирилишича, IMEI кодларнинг рўйхатга олиниши ортидан аҳоли контрафакт, ўғирланган ёки йўқолиб қолган, божхона назоратидан ўтмаган мобил телефонлардан фойдаланишининг олди олинади.

«Бугунги кунда GSMA базасига 43 мамлакатнинг 118 та мобил оператори уланган ва улар орасида ўзаро ахборот алмашинуви йўлга қўйилган. Шунинг учун бир мамлакатда ўғирланган қурилманинг бошқа мамлакатлар ҳудудида ишлатишни чекланади», дейилади хабарда.

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда мобил алоқа абонентлари сони 22 миллиондан ошади.