Рим папаси Франциск Ватиканда бачабозликка қарши ягона қонунни имзолади. Бунга қадар Ватиканда бундай қонун мавжуд эмас эди. Қонун жорий йилнинг 1 июнидан кучга киради.
12 банддан иборат қонун Ватикан ҳудудида ва унинг хориждаги дипломатик миссияларида амал қилади. Қонунга асосан, Ватикан ҳукумати болаларга тегажоқлик қилганликда ёки жинсий зўравонликда айбланган барча руҳонийларни ва ходимларни лавозимидан бўшатади.
Бундан ташқари руҳонийлар ва ходимлар томонидан жинсий зўравонликка учраганлардан шикоятларни қабул қилиш тартиби ўрнатилади.
Қонунда Ватикан ишга олаётган ҳар бир одамнинг ўтмиши ўта диққат билан ўрганилиши шартлиги ҳам таъкидланган.
Рим папаси Франциск раислигида 21 -24 февраль кунлари Ватиканда жаҳондаги католик черковларининг барча лидерлари иштирокида руҳонийлар орасидаги бачабозликка қарши кураш чора-тадбирлари масаласида анжуман бўлиб ўтди. Папа мазкур йиғилишда бачабозликка қарши қонунни қабул қилишга ваъда берган эди.
Сўнгги йилларда Рим-католик черкови руҳонийлари орасида жинсий зўравонлик, айниқса, бачабозлик кенг ёйилгани тўғрисидаги айбловлар Ватиканга тез-тез айтилиб турибди.
Февраль ойининг охирларида Австралияда Рим - католик черковининг энг нуфузли раҳбарларидан бири бўлган кардинал Жорж Пелла ўғил болаларни жинсий зўрлаганликда айбдор деб топилди.
Март ойида Француз суди Лион католик черкови архиепископи, кардинал Филипп Барбаренни бачабоз руҳонийлардан бири болаларни зўрлагани тўғрисидаги маълумотни полициядан яширгани учун олти ой шартли қамоққа ҳукм қилди.
Аввалроқ сўнгги 30 йил ичида Польшада 400га яқин руҳоний томонидан 600га яқин бола зўрлангани аниқланган. 2018 йил августида АҚШнинг Пенсильвания штати Ҳакамлар коллегияси 1950 йилдан бошлаб то шу кунгача католик черковининг 300 нафар руҳонийси штатнинг 6та епархиясида бир минг нафардан кўпроқ болаларни жинсий алоқа қилиб зўрлагани тўғрисидаги ҳужжатни эълон қилган эди.
АҚШнинг Иллинойс штатида эса ўн йилда 700 нафар католик руҳоний бачабозлик қилгани аниқланди.