Марказий банк 2019 йилда хорижга 80 тонна олтин экспорт қилиш режалаштирилаётганини маълум қилди. Бу ўтган йилга нисбатан 10 тоннага кўпдир.
Марказий банк ҳисоботида айтилишича, 2019 йилда олтин нархининг кўтарилиши кутилмоқда. 2018 йилда олтин унциясининг ўртача нархи 1268 доллар бўлган, жорий йилда эса бу нарх 1320 доллар бўлиши кутилмоқда.
Марказий банк, олтин бу нархда сотиладиган бўлса, давлат хазинасига 80 тонна олтиндан 3 миллиард 400 миллион доллар даромад тушишини билдирди.
Марказий банк ҳисоботида Ўзбекистон 2016 йилда 70 тонна, 2017 йилда 80 тонна, 2018 йилда 70 тонна олтин экспорт қилгани қайд этилган. Ҳужжатда билдирилишича, ўзбек олтинининг асосий харидори Швейцариядир. Ўтган йили сотилган олтин қиймати 2 миллиард 900 миллион долларни ташкил қилган.
Геология ва минерал заҳиралар давлат агентлигининг маълум қилишича, 2017 йилда Ўзбекистонда 90 тонна олтин қазиб олинган эди. Айни пайтда бу кўрсаткични йилига 120 тоннага етказиш режалаштирилаётгани тўғрисида хабарлар берилган. Расмий маълумотларга қараганда, Ўзбекистонда олтин заҳираси 6 минг тоннани ташкил этади.
Марказий банк 2019 йилнинг 1 февраль ҳолатига кўра, мамлакат олтин-валюта заҳираси 27,2 миллиард доллар эканини, унинг 14,57 миллиард долларини монетар олтин ташкил қилишини билдирган.