Сурхондарë вилояти ҳокими вазифасини бажариб келган Баҳодир Пўлатов 1 апрель куни лавозимидан бўшатилди.
Маҳаллий матбуот хабарларига кўра¸ 1 апрель кунги мажлисда Пўлатов вилоятда ўтказилиши кутилаëтган Халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик ишлари кўнгилдагидек олиб борилмагани учун Бош вазир томонидан танқид қилинган.
2018 йил 1 ноябрь куни президент Мирзиëев туризмни ривожлантириш мақсадида 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари Сурхондарëда биринчи марта бахшилар фестивали ўтказиш ҳақидаги қарорга қўл қўйган эди.
Ҳозирча Сурхондарë вилоят ҳокимлиги сайтида Баҳодир Пўлатов ҳоким вазифасини бажарувчи сифатида қолмоқда¸ расмий матбуотда ҳам бу ўзгариш ҳақида маълумот берилмади.
Норасмий хабарларда вилоят ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари Тўра Боболовнинг Сурхондарëга муваққат ҳоким этиб тайинлангани айтилмоқда.
“Болалар” эстрада гуруҳи асосчиларидан бўлган Баҳодир Пўлатов 2018 йил июль ойида Сурхондарë вилоятига ҳоким этиб тайинлангунга қадар¸ Қашқадарë ва Тошкент вилоятлари прокурори лавозимида ишлаган.
Пўлатов адлия катта маслаҳатчиси унвонига эга.
Ҳозирча Пўлатовнинг бошқа ишга ўтган-ўтмаганига оид маълумот йўқ.