“Ўзбекнефтгаз” Хитойнинг давлатга қарашли China Petroleum Technology & Development Corporation (CPTDC) ширкатига 16 миллион доллардан кўпроқ қарзни тўламаяпти. Бу ҳақда Хитой ширкатининг расмий баёнотига таянган ҳолда Kun.uz 3 апрель куни хабар берди.
CPTDC ширкатининг иддао қилишича, «Ўзбекнефтгаз» еттита шартнома бўйича Хитойга 16 миллион 41 минг 955 доллар қарз бўлиб қолган.
“Бизнинг қарзни узиш тўғрисидаги кўплаб мурожаатларимизга зарур бўлган миқдорда валютанинг йўқлиги рўкач қилиб кўрсатилмоқда. Бу аниқ қарзни тўлаш истаги йўқлиги ортидан келиб чиққан расмиятчиликдан бошқа нарса эмас. Бу ҳолат ўн йилдан бери давом этмоқда ва биз Ўзбекистон президенти жаноб Мирзиёев Шавкат Миромоновичга мурожаат қилишга мажбур бўлдик”, дейилади Хитой ширкати баёнотида.
Маълум қилинишича, «Ўзбекнефтгаз» 2017 йилнинг 20 декабрида ўтган музокараларда CPTDC ширкатига 2018 йилнинг 31 октябригача қарзнинг 12 миллион долларини узишга ваъда берган. Қарзнинг қолган 4 миллион долларини 2019 йилда узишга қарор қилинган. Бироқ шу кунгача “Ўзбекнефтгаз” Хитой ширкатига юз минг доллар пул ўтказган холос.
"Ўзбекнефтгаз" ширкати маҳаллий матбуотда пайдо бўлган бу хабарга ҳозирча муносабат билдирмади.