Умра сафарини уюштириш ҳуқуқини хусусий ширкатларга бериш режалаштирилмаяпти

Хусусий ширкатнинг умра сафарига оид бу рекламаси шу кунда яроқсиздир.

Умра зиёратини уюштириш ваколатини хусусий ширкатларга бериш ҳозирча режалаштирилмаётганини Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан билдирганини kun.uz хабар қилди.

Бу ҳақда қўмита раиси Тошкентда "Ҳаж ва Умра зиёратини самарали ташкил этиш" мавзуида ўтказилган брифингда баёнот берган.

Нуриймон Абулҳасанга кўра, "уларга (хусусий ширкатларга) ўз вақтида имконият берилган. Бироқ, ўша пайтда сафарга турли шахслар жўнатилиб, Ўзбекистоннинг обрўсига таъсир қиладиган вазиятлар юзага келган".

Брифингда маълум қилинишича, олдинги йилларда бир йилда 10 000 зиёратчи Умра сафарига борган бўлса, ҳозирда фақатгина бир ойда 7000 бормоқда.

Маълум қилинишича, ўтган йилнинг 28 октябридан 4 апрелгача 15 минг фуқаро Умра зиёратида бўлиб қайтган. Рамазонгача бу кўрсаткич 30 мингга етиши режалаштирилган.

Умрага хусусий ширкатлар орқали бориш тўхтатилгани ҳақда Озодлик 2018 йилнинг 8 октябрида хабар қилган эди.